Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Қорақалпоғистон Республикаси

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг мустақил ривожланиш йилларида асрларга тенг йўлни босиб ўтди. Тарихан қисқа бу даврда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз қиёфаси, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар бутунлай ўзгарди. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Энг муҳими, халқимиз қалбида ўз юртига эгалик ҳисси, шу улуғ Ватаннинг бугунги ва эртанги куни учун масъулият ва дахлдорлик туйғуси ортиб, унинг онгу тафаккури ва дунёқараши юксалиб бормоқда.

Мустақиллик йиллари бутун мамлакатимизга, ҳар бир ҳудуд ва минтақага бунёдкорлик ва янгиланишлар бошлаб келганининг тасдиғини Ўзбекистонимизнинг шимолий қисмида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Маълумки, саховатли ва бетакрор қорақалпоқ диёри мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда сўз юритганда, Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Қорақалпоқ халқи доимо юртимизнинг таянч тоғларидан ҳисобланган” деган сўзларини эсга олиш ўринлидир.

Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида бошқа минтақаларимиз қатори Қорақалпоғистоннинг ривожланишига ҳам улкан эътибор берилмоқда. Айнан ана шундай эътибор туфайли бугунги кунда республика пойтахти – Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилаётган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтиш керакки, бу дастурлар республикани асрлар давомидаги оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар, транспорт-коммуникация тармоқлари, юксак малакали кадрларга эга бўлган қудратли минтақага айлантиришни назарда тутади.

Дастурларнинг босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида қорақалпоқ замини бугунги кунда таниб бўлмас даражада ўзгариб, йилдан-йилга чирой очиб, барқарор суръатларда ривожланиб бораётган диёрга айланди.

Мустақиллик йилларида бу заминда амалга оширилган улкан иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, қурилиш ва ободончилик ишларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Ўрта Осиёда ягона бўлган, саҳро бағридаги мўъжиза деб ном олган Қўнғирот сода заводи, Хўжайли шиша заводи, “Марказий Осиё безак тошлари” қўшма корхонаси, Қўнғиротдаги карбид, Нукусдаги мармар ва кабель заводлари, Ўрга газ кони, “Элтекс” ва “Катекс” мажмуалари каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали, Олимпия захиралари коллежи бинолари, 345 километрлик Навоий – Нукус темир йўли, Нукус билан Хўжайлини боғлайдиган улкан кўприк, Қўнғирот автомобиль йўли, ўнлаб умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари сингари кўплаб иншоотлар – буларнинг барчаси истиқлол мевасидир.

Миллий автомагистрал қурилишида рўй берган улкан воқеалардан бири – бу шу йўлнинг Нукус шаҳрига кираверишида янги кўприк ва чорраҳа йўлнинг қурилишидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан тамал тоши қўйилган Устюрт газ-кимё мажмуасининг қурилиши бугун дунё халқлари эътиборини жалб этмоқда.

Энг муҳими, қорақалпоқ халқи асрлар давомида орзу қилиб, интилиб келган эзгу мақсадига етди – озод ва эркин, тинч-осуда ҳаётга эришди, ўз тарихи, маданий мероси, миллий анъана ва қадриятларини тиклаш, ривожлантириш, ўзлигини англаш имконига эга бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий қисмида, Амударёнинг қуйи қисми, Орол денгизининг жанубий соҳилида жойлашган. Республика жануби - ғарб томондан Қорақум саҳросига туташган. Унинг шимолий-ғарбида Устюрт текислиги, шимолий-шарқий томонида эса Қизилқум саҳроси ястаниб ётибди. Орол денгизининг жанубий ҳудуди қорақалпоқ заминида жойлашган. Қорақалпоғистоннинг умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республиканинг аҳолиси 1 миллион 700 минг кишидан зиёддир.

Республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси 14 та туман ва 1 та шаҳардан иборат. Булар Амударё, Беруний, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Чимбой, Шўманой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳри.

Қорақалпоғистон Ўзбекистон Республикаси таркибидаги парламент бошқарув шаклига эга бўлган суверен республикадир. Қорақалпоғистон ўз Конституцияси, байроғи, герби ва гимнига эга. Қорақалпоғистоннинг Конституцияси ва қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Республикада умумий раҳбарлик Жўқорғи Кенгес Раиси – Қорақалпоғистон Республикаси парламенти томонидан амалга оширилади.

Республиканинг олий ижроия ҳокимияти Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланган Вазирлар Кенгаши ҳисобланади. Республика Вазирлар Кенгаши таркибига Кенгашининг Раиси, Раиснинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, йирик концерн ва бирлашмалар раҳбарлари киради. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ўз вазифасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикасининг доимий ваколатхонаси фаолият кўрсатади.

 

Сўнгги янгиликлар RSS

08.09.2018 БУЮК АЛЛОМАГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Ўтган жума куни Беруний туманида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1045 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашчилари дастлаб аллома қабрини зиёрат этишди. Қуръон тиловат қилиниб, бобомиз хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

30.08.2018 Хизматлари муносиб баҳоланди

Энг улуғ байрамимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги қалбимизни чексиз қувонч туйғуларига буркамоқда. Халқимизнинг улуғ фазилатларидан бири – байрамларни меҳнатда катта зафарлар ҳамда республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида аҳамиятли воқеалар билан кутиб олиш анъанаси мустақиллик байрами арафасида ҳам давом қилмоқда.

28.08.2018 Халқимиз кутган улуғ байрам

Ўзбекистон Республикаси  Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб пойтахтимиздаги Очиқ театрда бўлиб ўтган “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” театрлаштирилган адабий-мусиқий хореографик байрам тантаналаридан репортаж.

28.08.2018 Янги уйлар фойдаланишга топширилди

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида Нукус шаҳрида 42 та оила янги уйга эга бўлди. Президентимизнинг 2018 йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунадаги лойиҳалар бўйича арзон турар жойлар ва шаҳарларда арзон кўп хонали турар жойлар қуриш дас¬турларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу хайрли ишда муҳим омил бўлди.

25.08.2018 Давлат байроқлари баланд кўтарилди

Бугун Нукус шаҳрининг энг фаизли жойларидан бирида, яъни машҳур И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ёнида Муҳтарам Президентимиз ғоялари асосида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг байроқларини кўтаришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

25.08.2018 Ёш томошабинлар учун ажойиб туҳфа

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига қизғин тараддуд кўрилаётган шу кунларда Оролбўйида бир қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрининг янги биноси санъатсеварлар учун ажойиб туҳфа бўлди.

25.08.2018 “Мурувват уйи”нинг янги биноси ишга тушди

Президентимизнинг 2016 йил 23 декабрдаги қарори асосида тасдиқланган “Инвестиция дастури”га мувофиқ, 2017-2018 йилларда Хўжайли туманида жойлашган хотин-қизлар Мурувват уйини Нукус шаҳрига кўчириш ва унинг учун янги бино бунёд этиш кўзда тутилган эди.

02.08.2018 Жиноятчиликга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришимиз шарт!

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

02.08.2018 Инвестициялар жалб этиш янги босқичларга кўтарилиб бормоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва ўрганиб чиқиш бўйича қатор топшириқлар ва аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. 
Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида видеомулоқот тарзида мажлис бўлиб ўтди. 

22.07.2018 Кубок ғолиблари аниқланди

Пойтахтимиз Нукус шаҳрида  спортнинг мини футбол, волейбол  ва стол тенниси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги учун бўлиб ўтган мусобақа якунланиб, ғолиблар аниқланди.