Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Адабиёт янгиланишларни акс эттириши керак

Биз ҳаётимиз шиддат билан ўзгараётган, кун сайин юртимизда янгиланишлар, бунёдкорликлар, янги ютуқлар пайдо бўлаётган бир тарихий кунларда яшамоқдамиз.

Айниқса инсонлар онгу-тафаккури ўзгариб илм-фан, тарихни билиш, аждодларимиз қолдирган ҳикматларни англаш, адабиётга, китобга интилиш яъни комил инсон бўлиш энг олий саодатга айланмоқда.

Ана шундай интилишлар Қорақалпоғистон заминида ҳам қорақалпоқ халқининг асрий орзу умидларини рўёбга чиқариб, эркин ва озод ҳаёт, фаровон турмуш, ойдин келажак эшикларини очиб берди.

Бу устуворликларнинг ҳаммаси Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг шу юрт келажаги, халқимиз, ҳар бир инсон баркамоллиги, юрт равнақи йўлида қабул қилаётган, ҳар бир қарор ва Фармонларида намоён бўлмоқда. Энг асосийси бу қарор ва фармонлар қайси соҳада бўлишидан қатъий назар амалга ошмоқда ва уларнинг натижалари ҳаётимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигида ўз аксини топмоқда.

Ҳар бир янги кун ўзининг шиддаткор нафаси, юртимиз одамларининг янги орзу мақсадлари билан Президентимизнинг “Халқимиз биздан рози бўлиб яшаши керак”, “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиш керак” деган ҳаётбахш кўрсатмалари ва унинг ҳаётимиздаги натижалари билан катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Президентимизнинг миллат шаъни, инсон қадр-қимматини улуғловчи бой тарихимиз, муқаддас анъаналаримиз, қадриятларимизни эъзозловчи, маданият, санъат, адабиёт соҳасидаги кўрсатмалари биз ижодкорларни Ватан ва халқ олдидаги масъулиятимизни ошириб замонамиз қаҳрамонлари ҳақида озод ва обод Ватанимиз, унинг янгиланишлари тўғрисида мукаммал асарлар яратишга ундамоқда.  

Ана шундай катта эътиборнинг яна бир кўринишини биз Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўрдик.

Шу муносабат билан “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси таҳририяти ва Республика “Ахборот ресурс маркази” болалар кутубхонаси ҳамкорлигида адабий анжуман ўтказдик.

Бу анжуманда республикамизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари, адабиётшунос олимлари, шунингдек И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактаб интернатининг ўқувчилари, ёш ижодкорлар, китобхонлар иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбек адабиётининг бугунги тараққиётида 80 йилдан зиёд тарихга эга бўлган, мамлакатимиздаги нуфузли ижодий ташкилотлардан бири ҳисобланадиган Ёзувчилар уюшмасининг муносиб ўрни борлиги бу ташкилот халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, сўз санъаткорларини бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида катта ишларни амалга ошираёт­ганлигини таъкидладилар.

Қарордаги энг асосий жиҳатларига тўхтаб ўтадиган бўлсак, диққатингизни қуйидаги устувор йўналишларга қаратишимиз лозим.  Ҳар бир ижодкорнинг миллий адабиётимиз олдидаги фаоллиги ва масъулиятини ошириш, янгиланган ҳаётимизни тарихимиз ва маданиятимизни, элимиздаги фидокорона меҳнатни, озод ва обод турмушимиз, тинчлик-осойишталигимиз ва умуман юртимизда эришилаётган барча ўзгаришларни теран акс эттириш бугунги кундаги вазифа қилиб белгиланган.

Шу билан бирга қарорда Уюшма аъзоси бўлган ҳар бир ижодкорнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга шароит яратиб бериш, ҳам кўрсатиб ўтилган. Адабиётда кекса авлод вакилларининг ижодий маҳоратини ёшларга сингдириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига, миллий адабиётимизнинг энг яхши асарларини чет тилларига ўгириш ва тарғиб қилишни йўлга қўйиш, интернет адабиётини шакллантириш, сингари муҳим таклифлар маъқулланган.

Энг асосийси китоб савдоси тизимини шакллантириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган. Бунда  бюджет ва бюджетдан ташқари ташкилотларнинг ўз маблағлари ёки жамғарма маблағлари ҳисобидан китоб сотиб олиши ва ахборот ресурс марказлари, кутубхоналар, маданият саройлари, маънавият хоналарини китоб билан таъминлаш бўйича топшириқ берилган.

Қарорнинг ўн иккинчи бандида «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма муассислигида нашр этиладиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи” – “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Амударё” журналлари таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин” деб таъкидланган. Бу адабиётимиз равнақи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.

Хусусан, “Амударё” журнали таҳририятининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш назарда тутилаётганлиги қорақалпоқ адабиётини янада ривожлантиришга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси. Шунингдек таҳририятни қоғоз билан таъминлаш, босмахона ҳаражатларини қоплаш, обунасига кўмаклашиш  ижод фондига топширилгани ҳам қувонарли ҳолдир.

Қарорда миллий адабиёт­нинг замон талаблари даражасида бўлишини таъминлашга қаратилган аниқ тадбирлар берилганлиги диққатга сазовордир. Ҳарбий ватанпарварлик руҳини кучайтириш учун “Темурбеклар” мактаби, Ёзувчилар уюшмаси Халқ таълими вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида “Зулфияхоним қизлари” клуби ташкил қилингани ҳам ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга.

Қорақалпоқ адабиёти халқ оғзаки ижодидан куч олиб, асрлардан асрларга ўтиб келаётган достонлари билан бугунги кунда замонавий жаҳон адабиётида ўз ўрнига эга бўлган адабиётга айланганлиги айни ҳақиқатдир.

Айниқса ХХ асрда нафақат туркий халқлар адабиёти балки жаҳон адабиётига ҳам ўз ижоди билан катта ҳисса қўшган Ибройим Юсуповдек атоқли шоир, Тўлапберган Қаипбергенов сингари йирик ёзувчиларнинг бетакрор шеърияти ва беназир романлари қорақалпоқ адабиётининг мангу булоқлари бўлиб маънавиятимизни бойитиб келмоқда.

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси таҳририяти адабиёт олдига Президентимиз томонидан қўйилаётган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўзбек, рус, инглиз тилларида асарларни, шунингдек бугунги замонавий қорақалпоқ адабиёти намуналарини кенг ёритмоқда.

Келгусида ҳам жаҳон адабиётини қорақалпоқ тилида, қорақалпоқ адабиётини ўзбек, рус, инглиз тилларида ўқувчилар онгига етказишда, ёшлар ижодини кенг тарғиб қилишда энг ишончли минбар бўлиб хизмат қилаверади.

Г.АННАҚИЛИЧЕВА
“Қорақалпоқ адабиёти”
газетаси Бош муҳаррири,

Сенатор.