Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

БАРЧА ЭЗГУ ИШЛАР НИЯТГА БОҒЛИҚ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисига Мурожаатномасини тинглар эканман, инсоннинг ҳамиша умид билан яшашида жуда катта ҳикмат бор эканлигига ишончим ортди.
Президентимиз ўз маърузасида «Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор» деб таъкидлаб ўтдилар. Шунда нақадар топиб айтилган бу ҳикмат, албатта барча эзгу ишлар ниятга боғлиқ эканлигини шиддат билан ўзгараётган замон, юртимиздаги янгиланиш ва бунёдкорликлар исбот қилиб турибди, деб ўйладим.
Биз ўтган 2018 йилда нафақат мувафаққиятларга эришдик, балки, яна бир марта жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнимиз яна бир поғона ўсганлигини ҳис қилдик, аҳоли турмуш фаровонлиги ошгани, дастурхонларимиз тўкин-сочинлиги, ҳар бир оиладаги тинчлик осойишталик, юртимиздаги ҳаёт тарзи ўсганлигидан беҳад қувонмоқдамиз. 
Президентимиз Мурожаатномасини тинглар эканман, аввало Ўзбекистон деб аталган бетакрор мамлакатнинг фуқароси эканлигимдан фахрландим. Президентимиз олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатдан халқимиз бир ҳақиқатни англаб олаяптики, халққа суяниб, халқни тинглаб амалга оширилаётган барча эзгу ишлар буюк келажакнинг мустаҳкам тамал тошини қўймоқда.
Инсон ҳамиша ҳаётдан мўъжизалар кутиб яшайди. Айниқса янги йилда янги орзу истаклар улғаяди. Биз юртимизда бундай мўъжизалар рўй беришини Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тилга олинган вазифаларда ҳис қила олдик. 
2018 йилда мамлакатимизда тадбиркорлик ривожланди, инновацион ғоялар, технологиялар қўллаб қувватланди. Мурожаатномада таъкидланганидек мамлакатимизда 21 триллион сўм ва 1 миллиард доллар маблағ билан 76 минг лойиҳа асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Бу албатта Ватан ва халқ бахтини яратувчи омил. Булар барчаси яхши яшаш, эзгуликка интилиш, ёш авлод баркамоллиги ва барча соҳалардаги ислоҳотлар самарасида яққол кўринмоқда. 
2019-йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб белгиланди. Президентимиз Мурожаатномасидан англадикки, халқимиз энди бундан ҳам катта марраларни олади. Янги йилга бундай ном берилиши- барча сохалардаги ислоҳотларда кескин ижобий бурилишлар рўй берилишини кўрсатмоқда. Бу ишларга албатта бугундан бошлаб киришилади. 
Бу вазифалар муваффақиятли бажарилишига ҳар биримиз масъул бўлишимиз керак. Президентимиз мамлакатимиздаги очиқ иқтисодият тўғрисида айтиб, хусусий секторни ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорлик, статистик таҳлил ва маълумотларни тўғри юритиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, бюджет даромадларини кўпайтириш, рақамли иқтисодга ўтиш масалаларига алоҳида тўхтаб ўтди. 
Президентимиз мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида белгиланган барча аниқ чора-тадбирлар  тўғрисида айтар эканлар, қадим аждодларимиздан авлодларга мерос бўлган ҳикматларни албатта келтириб ўтадилар. Президентимиз ўз сўзида  «Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар.
Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз», деб таъкидлаб ўтдилар. 
Бу ҳикмат шу ўринда бежиз айтилмади. Белгиланаётган катта вазифаларни амалга ошириш учун бел боғлаб чиқаётган ҳар бир киши учун албатта тинимсиз саъй-ҳаракат зарур. Мамлакатимизда Фаол инвестицияларнинг амалга оширилиши албатта ижтимоий соҳа ривожида катта ахамиятга эга бўлади. Маърузада янги йилда инвесторларимиз ўзларини эркин ҳис қилишлари кераклиги ҳам алоҳида таъкидланди. Янги солиқ концепцияси ишлаб чиқилиши, солиқ юкини камайтириши тўғрисида, Солиқ кодексини қайта кўриб чиқиш, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириши, бу соҳадаги ҳуқуқбузарларга албатта жазо тайинлаш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.
Мен шахсан ўзим Президент маърузасидан англадимки, иқтисодиётда бундан кейин давлат аралашувини камайтириш – эркин рақобатга йўл очади. Бу барқарор ривожланиш учун жуда муҳимдир. 
Мамлакатимизда ижтимоий соҳа ривожланиши тўғрисида сўз борар экан, Президентимиз Мурожаатномасида бунга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш ўринлидир. 
«Аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур», деди Президентимиз.
Халқимиз орасида бўлиб Президентимиз Мурожаатномаси тўғрисидаги фикрларга қулоқ тутиб, одамлар билан суҳбатлашар эканмиз нафақада бўлса ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўз мутахассисликлари бўйича ишлаётган пенсионерлар 2019 йил январ ойида пенсия пулларини  тўлиқ олишларини эшитиб қувонмоқдалар. 
Оиласида ногирон фарзандлари бор оналар ҳам давлатимиз, Президентимизнинг алоҳида эътибор ва ғамхўрликларидан миннатдор бўлмоқдалар. Ногиронлиги бўлган болаларнинг, уларнинг оила аъзоларининг, боқувчисини йўқотганларнинг ижтимоий ҳимояга олинаётганлиги инсон зотини улуғлашнинг энг олий кўринишидир.
Айниқса умр бўйи ногирон фарзандини парвариш қилаётган, хаётини шу фарзандига бағишлаган оналарга алоҳида ижтимоий нафақа белгиланиши ҳам юртимиздаги бағрикенглик, меҳр-оқибатнинг азиз тутилганидандир. 
Мурожаатда «Таълим ва тарбия бешикдан бошланади» деган ҳикматнинг жаранглагани – мамлакатимизда маънавиятнинг улуғланаётганини исбот қилмоқда. Мактабгача таълим-тарбиянинг бош бўғини сифатида қаралаётганлиги, янги йилда мактаб битирувчиларининг 20 фоизи олий таълимга қамраб олиниши борасида белгиланаётган устувор вазифалар ҳам ҳар бир оилага янги йил хушхабари сифатида  кириб келди. 
Хотин-қизлар, ёшларни давлатимиз томонидан ижтимоий қўллаб-қувватланиши ҳам бу соҳанинг давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўрсатмоқда. 
Президентимиз Мурожаатномада бу соҳадаги таҳлилларга тўхталар эканлар,республикамизда 13 мингдан зиёд хотин-қизлар ёмон шароитда яшаб, иш билан таъминланмаганлигини кўрсатиб ўтдилар. Шундай оилаларни арзон турар жойлар, иш билан таъминлаш вазифаларини қўйдилар.  
Президентимиз халқимиз саломатлиги, унинг генафонди ҳақида ҳам қайғураётганлиги одамларнинг кўнглини тўлдирмоқда. Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш муаммоларининг ҳал қилинаётганлиги фикримизнинг далилидир. 
Мен ўзим Президентимиз Мурожаатномасини тинглар эканман, «Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак
» лигини айтганларида кўнглимда юртимизга, халқимизга шундай доно,  узоқни кўра олувчи, халққа суянган, халқ ақли, фикр ва таклифларидан куч олаётган давлатимиз раҳбари бетакрор маънавий меросимиз, тарихимизга ҳам катта эътибор бераётганидан бошимиз осмонга етди. 
Албатта телерадиокомпаниядаги бу канал ўз ўтмишимизни ўрганиб, унга лойиқ бўлишга, янги ҳаётга теран фикр, Ватанга чексиз садоқат билан қарашга ўргатади.
Президентимиз Мурожаатномада эл тинчлиги, хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам катта аҳамият қаратди. Бу соҳа ходимларига яратилаётган имкониятлар тўғрисида кенг тўхталиб ўтди. «Одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан ҳоли муҳит яратишимиз шарт» деди Президентимиз. Ички ишлар вазирлиги тизими халқчил, одамларга яқин бўлиши лозимлиги бугунги куннинг талабидир. 
Бу борада ҳар бир маҳалла посбони ўз  ҳудудида ўз тажрибасини намоён қила олиши керак. Президентимизнинг «Жиноят ҳақиқати ва адолати» деган тамойилини ҳамма англаши лозим.  
Бугунги  кунда халқимиз ўз Ватан равнақи, бахт-саодати, тинчлик-осойишталиги  учун ўзида кучли дахлдорлик ҳиссини сезмоқда. Айниқса –Президентимиз халқимизга ҳам оддий тилда ислоҳотлар – бу юртимиздаги ўзгариш, янгиланиш деб айтди, энг аввало раҳбарлар, кейин одамлар ўзгариши керак. 
Чунки инсон ўзгарса-жамият ўзгаради, деб кўрсатди. Бу ҳар бир фуқарода катта таассурот уйғотмоқда. Кексами ёшми, янги 2019 йилда кандай мурод мақсадлар, ниятлар қилаётган бўлса уларнинг амалга ошишининг ҳаммаси ўзларига боғлиқ эканлигини сезмоқдалар, билмоқдалар. 
Айниқса биз Қорақалпоғистонликлар Орол инқирози оқибатлари Президентимиз Мурожаатномасида алоҳида бир эътибор, ғамхўрлик, меҳр билан таъкидлаб ўтганидан миннатдор бўлмоқдамиз. Яъни Президентимиз айтдики, «Ҳозирги вақтда Орол фожиаси туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳроси пайдо бўлди.
Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида “Траст фонди”нинг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди.
Биз Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтларидан, ҳамкор давлатлардан миннатдормиз.
Биз Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз.
Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган.
Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида келгуси йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади.
Аҳолининг ҳаёт шароитини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва қишлоқларида янги қурилишлар амалга оширилади.
Хусусан, Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмаларга эга бўлган замонавий шаҳарча бунёд этилади
», Президентимизнинг бу сўзларини халқимиз ёд олмоқда. Шу туфайли бу мақолада уни тўла келтирдим. Бугун фахр билан айтамизки, Қорақалпоғистонда, Мўйноқда Президентимиз ташаббуси билан бошланган ишлар қизғин давом этмоқда. 
Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда шамол таъсирида юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронлари таъсирини камайтириш, қум кўчишини бартараф этиш, минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида «Яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бошланди. 
Ҳозирда мазкур тадбир жараёнида Мўйноқ тумани «Тик ўзак», «Бўзатов», «Маделли» ва «Ҳоким ота» овул фуқаролар йиғинларида саксовул уруғини йиғиш, шунингдек, «Сургул» участкасида саксовул уруғи ва кўчатини экиш ишлари амалга оширилмоқда. 
Айни пайтда ушбу ҳудудда саксовул экиш учун 5000 гектарга яқин ер майдони тайёрланди ҳамда 1100 гектар ер майдонига (шундан 1060 гектар уруғдан ва 43 гектар кўчатдан) саксовул экилди ҳамда бу ишлар қизғин давом этмоқда.
Шу билан бир қаторда, Мўйноқ тумани «Қазақдарья-Пўрлитаў» қишлоғига қарашли 47 километр узунликдаги ички йўлларини  таъмирлаш, шунингдек, ушбу ҳудуддаги «Дарёоралиқ» сув омбори дамбаларини мустаҳкамлаш ишларига ҳам киришилди.
Таъкидлаш жоизки, шу билан бирган ушбу ҳудудда 200 тага яқин турли техникалар ишламоқда, шунингдек, зарур қурилиш материаллари (қум, шағал ва ҳарсанг тош) билан таъминлаш ҳам ўз вақтида изма-из амалга оширилмоқда. 
Бугун биз бутун дунё ҳамжамиятининг эътибори Қорақалпоғистонга, айникса Мўйноққа қаратилганлигидан фахрланиб 

Дунё инсон меҳр нурин,
Совға айлади  Мўйноққа.
Жаҳон юзин бурган ёққа,
Келинг, дўстлар, Мўйноқ ёққа, деб барчани бу яратувчилик, янгиланиш ва бунёдкорликларни кўришга чақирмоқдамиз. 

***

Президентимиз Мурожаатномаси билан қайта-қайта танишар эканман халқ билан бўлиш келажакнинг ойдин йўлини белгилашига ишончим ортмоқда. 
Энг олий ҳакам халқ ва вақт деди Президентимиз ҳам. 
Биз халқ вакиллари бўлган депутат ва Сенаторлар Президент қўяётган ҳар бир вазифани, Парламент фаолиятини такомиллаштириш, унинг назорат ваколатларини кучайтиришга оид тавсияларини ҳам катта масъулият сифатида қабул қилмоқдамиз. Туман, шаҳар халқ депутатлари  кенгашларидан тортиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларигача ўзларига катта ишонч билдирган халқ билан бирга бўлишни, Президент қўяётган ҳар бир вазифани дастуриламал сифатида кабул қилиб, фаолият олиб боришни мақсад қилмоқдамиз.
Мурожаатнома янги йил учун янги қанот, руҳимизга катта мадад, ҳаракатлар стратегиясининг йўл харитасидир, деб ишонч билан айта оламиз. 
Янги йил ҳар биримизга чексиз қувонч, оилаларга қут-барака, элга фаровонлик, тинчлик - осойишталик олиб келсин. 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.