Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

КОРРУПЦИЯСИЗ ЯШАШНИ ЎРГАНИШ – юрт равнақининг асосидир

Яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда ҳаммамизнинг диққатимизни, эътиборимизни тортувчи  қуйидаги жумлалар бор.

«…Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупция­га муросасиз муносабатни шакл­лантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш  коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.»

Фармонда белгилаб берилган янги тизимли чоралар давлат дастурини тасдиқлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияга шу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, коррупция пайдо бўлиши сабаблари ва шарт-шароитларини таг-томири билан йўқотиш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тадбирда «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» 1177 нафар мансабдор шахс коррупцияга қўл ургани учун жавобгарликка тортилди.

Телевизорда ҳар куни кўриб турибсиз: банкда, ҳокимиятда, шифохонада, прокуратурада, ички ишлар органларида коррупция. Қачон бу касалликдан халос бўламиз? Қачон бутун мамлакат бўлиб унга қарши курашамиз?

Коррупция билан Ўзбекистон ҳеч қачон олдинга қўйилган мақсадларга эриша олмайди, «1177 киши бу–жуда катта рақам. Бу нима дегани? Бу жамиятимиз адолат, ҳалоллик, масъулият, халқ эҳтиёжларини қондириш, халққа хизмат қилиш каби тушунчалардан хали узоқлигидан далолат беради», – деган эди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, аслини олганда халқимиз онгига чуқур сингиб кетган бу одат коррупция деб аталмаса ҳам қон-қонига сингиб кетган бир бедаво дард, тузалмас бир оғир касал эканлигини тушуниб етмаяпмиз.

Ёшгина она ўғилчаси ёки қизчасини болалар боғчасига олиб борар экан, тарбиячига албатта бирор совға бериш керак, деб ўйлайди. Шу ­билан энди тарбиячи боламга яхши қарайди, деб кўнгли хотиржам тортади.

Ёки эндигина мактабни битказган фарзанднинг отаси ўғли олий ўқув юртига кириши учун умри давомида йиққан сармоясини кимга, ким орқали беришни, нима қилиб бўлса ҳам шу йўл билан фарзанди ўқишга киришини ўйлайди.

Кекса отаси ёки онаси бемор бўлиб қолган фарзанд ёки боласи хас­таланган ота-она шифокорга нимадир берса унинг дарди осон кечиб, шифокор ота-онасининг дардига мал­ҳам топадигандай ёки фарзанди тез тузалиб кетадигандай ҳолатларни ­бошидан кечиради.

Шу ҳаракатлари билан улар ҳеч қачон мен коррупцияга қўл урдим деб ўйламайди. Ўзининг қилган ҳаракатини жуда тўғри баҳолайди. Ота-онанинг тузалиб кетиши олдида пул нима бўлибди, жонимни ҳам аямайман, деб ўйлайди. Болалар боғчалари, Олийгоҳ,  шифохонадагилар эса улардан бу пулларни олиб, мен пора олдим, коррупцияга йўл қўйдим, давлат қонунларини буздим, деб ўйламайди.

Ҳамма иллат шундаки, эндигина ҳаётга қадам қўяётган фарзандлар ота-онасининг хатти-ҳаракатлари орқали нимадир берсанг мушкулинг осон бўлади, деган тушунча билан ўсиб, улғая бошлайди.

Талаба имтиҳонга тайёр бўлмаса домлага пул бериб баҳо қўйдириб олади. Ана шундай ҳаракатлар билан оилада ота-она билиб билмай, ўз фарзандини коррупция йўлида тарбиялай бошлайди.

Ҳақиқатнинг юзига тик қарасак бундай ҳолатлар ҳамма соҳаларга ўтиб, чирмашиб ўсадиган чирмовуққа ўхшаб жамиятни буткул ўраб олган. Бу чирмовуқни таг-томири билан юлиб, уни ўсишдан тўхтатишнинг иложи бўладими?  Биз бугун бу саволга ҳа, албатта бўлади, деб жавоб бера оламиз.

Айниқса, кейинги 3 йил давомида соҳада олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар, коррупция ва қонунбузарликнинг олдини олиш профилактикаси, кўрилаётган кескин чоралар «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг амал қилаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Қорақалпоғистонда ҳам корруп­цияга қарши олиб борилаётган муросасиз кураш жамият ҳаётида, фуқароларимизнинг огоҳлилиги, ­ҳушёрлигида намоён бўлмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб,  уларнинг сони камаймоқда.

Айниқса, Қорақалпоғис­тон Республикаси прокуратура органлари томонидан ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг самарали чораларини кўриш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари бузулишининг ҳамда иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олиш, бошқарув ва ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг коррупциялашган жиноятларини фош этиш, порахўрлик ҳамда мансаб ­суиистеъмолликларига қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда Комиссиянинг тегишли идоралар билан олиб борган амалий ишлари натижасида ­кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида коррупция билан боғлиқ қўзғатилган ва судга оширилган жиноий ишлар сони ўтган йилдагига нисбатан анча камайган.

Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича тегишли идораларга тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузулиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. Жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида давлат ҳамда жамият манфаатларига етказилган миллиард-миллиард  сўмлик зарарлар ундирилиши таъминланган.

Қорақалпоғистон Республикаси идоралараро комиссияси томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан 6 мингдан ортиқ учрашувлар, семинар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилган. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш, бартараф этиш бўйича оммавий ахборот воситалари орқали мингга яқин чиқишлар қилинган.

Лекин, очиқ айтиш керакки, бу ­тадбирлар коррупция соҳасида ­Президентимизнинг  фармон, қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашни тўлиқ қамраб олаётгани йўқ. Қорақалпо­ғистонда бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Биз кейинги пайтларда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида жуда кўп гапиряпмиз. Идора  ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида бу соҳада ўтказилаётган тадбирлар, танловларнинг сон-саноғи йўқ. Тўғри, мустақиллик йилларида туғилган янги авлод, уларнинг бугунги кун ва келажакка бўлган нуқтаи назари, давлат, халқ, инсон ҳуқуқи, баркамоллик тўғрисидаги тушунчалари бошқача. Демак биз ўтказила­ётган маънавий, ҳуқуқий мавзудаги турли тадбирларга кўпроқ катта авлод вакилларини ҳам қатнаштирсак ёш авлод онгига коррупция тушунчалари кириб боришининг олдини олган бўлардик.

Коррупциянинг илдизига энг аввало катта авлод болта уриши керак. Ўз фойдаси, ўз манфаати учун давлатимиз қонунларини бузмаслиги керак. Бунинг учун биз барибир қайта-қайта инсон маънавияти тўғрисида гапиришдан чарчамаслигимиз лозим. Чунки, маънавиятли инсонда имон-эътиқод, ишонч  кучли бўлади. Имон-эътиқодли, маънавиятли инсон ҳалоллик, тўғрилик, адолат тушунчаларини инсоннинг тоза, покиза ҳаётида кўради. У коррупцияга қўл урмайди.

Президентимиз томонидан бошланган коррупцияга қарши аёвсиз кураш, ОАВ, радио, телевидение, интернет сайтлари орқали намойиш қилинаётган эшиттириш, кўрсатувларда ўз аксини топмоқда. Яъни бюджет халқ пулини ўмараётган, пора орқасида етти авлодига етадиган мол дунё тўплаётган  коррупционерлар ким бўлишидан қатъий назар прокурорми, ҳокимми, вазирми давлатимиз қонунлари олдида жавоб бераяптилар. Кўраяпмизки, ой сайин қайсидир бир катта амалдор ёки хизматчи, ходим коррупция ботқоғига ботиб, пора деган бало ортидан жазога тортилаяпти.

Мустабидлик давридан бугунги эркин ва озод ҳаётимизга ўтган  қора доғ, иллат бўлиб келаётган коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Бу вазифа нафақат ҳуқуқ органлари, балки ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Ота-оналар, нуронийлар, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда бу иллатга қарши курашда фаол бўлишимиз зарур.

Президентимизнинг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада ­такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада катта дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.