Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Президент ташаббуси билан Нукусда Ўзбекистонда ягона бўлган ихтисослаштирилган боғча иш бошлади

Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи марта ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни тарбиялайдиган ва реабилитация қиладиган "Imkon" номли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур муассаса Президентимизнинг 2018 йил 16 августдаги “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.

– Муассасанинг нафақат Ўзбекистонда, балки яқин хорижий давлатларда ҳам ўхшаши йўқ, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А.Шин. – Бу таълим ва реабилитация муассасаси нима учун айнан Қорақалпоғистонда, яъни Нукусда қурилди? Чунки, Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилга нисбатан 17,5 фоизга ошган. Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра, Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи реабилитация-таълим муассасаси ташкил этилди. Бу ердаги болалар илгари ижтимоий-маданий муҳитга қўшила олмас эди. Кўп тарбияланувчилар ҳаётининг асосий қисмини уй деворлари ортида ўтказарди. Шунингдек, биз, Нукус шаҳрида эрта аралашиш тамойилини амалга оширишни бошламоқдамиз. Маълумки, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга. Коррекцион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик. Яъни, 2-7 ёш оралиғи этиб олинди. Мактабгача таълим вазирлиги реабилитация марказларига эга бўлган бу каби ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини республиканинг бошқа ҳудудларида қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича ишларни давом эттиради.

2018 йилнинг июль ойида қурилиши бошланган ушбу реабилитация-таълим муассасаси қисқа муддатда фойдаланишга топширилди. Бинонинг қурилиши ва унинг жиҳозланиши хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдами ҳисобидан амалга оширилди.

 

Майдони 3447 квадрат метр бўлган икки қаватли бинода стандарт хоналардан ташқари, бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2 та физиотерапия хонаси, 2 та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари мавжуд.

 

– Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган мазкур давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси 120-150 нафар имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган. Муассасада март ойидан иш бошладик, ҳозирги кунда 4 та гуруҳга 48 та бола қабул қилинган. Ҳар гуруҳ 12 болага мўлжалланган, – дейди муассаса директори Нурсулув Қудайбергенова. – Ҳозирги кунда ушбу реабилитация марказига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли тиббиёт мутахассислари томонидан Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларидан ҳамда Хоразм вилоятидан соғлигида нуқсони бўлган 2,5 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Сентябрь ойига қадар муассасамиз тўла қувватда фаолият юритади.

Марказда ташкил қилинган 4 та гуруҳ ҳар хил номларга эга бўлиб, соғлигида турли нуқсони бўлган болаларни ҳар томонлама соғломлаштириш ва таълим-тарбия бериш учун мўлжалланган. Яъни кўзида, эшитишида, тилида, ақлий жиҳатдан ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун махсус ускуналар ва дидактик материаллар тўла таъминланган.

 

Реабилитация марказига танлов асосида 70 нафар ходимлар ишга қабул қилинган. Қабул қилинган 36 нафар шифокор ва педагоглар Тошкент шаҳрида 10 кун давомида малака ошириб қайтди. Шунингдек, 9 нафар шифокорлар Москва шаҳрида, 6 нафар пед

агоглар Санкт-Петербург шаҳрида А.И.Герцен номидаги педагогика институтида малака оширган.

 

Ушбу муассаса Оролбўйи минтақасининг чекка ҳудудларида яшовчи болаларнинг тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида туну-кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланади, куннинг иккинчи яримида эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтади.

Реабилитация марказининг коррекцион-таълим хоналари парафин печи, тиббий тренажёрлар, қуруқ массаж ванналари, нейро-ортопедия пневмокостюмлари, мобиль стендерлари, ортопедия велосипедлари, ётиқ самокатлар, мослашувчан креслолар, вестибуляр аппаратни ривожлантириш ускуналари, сенсор интеграцияси маҳсулотлари, “Саундбим” тизими ва физиотерапия аппаратлари каби хорижий ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланган. Даволаш тадбирлари ривожланишда бузилишларни тузатишга, тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган. Шунингдек, реабилитация марказида мактаб ёшидан ўтган жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар учун ҳам муолажалар ўтказилади.

 

–"Имкон" мактабгача таълим муассасаси менинг болам учун ҳақиқий имкон ҳадя этди, – дейди нукуслик Жадра Есенбаева. – Ўғлим Алимов Бектурсин боғчага кетаман деб эрталабдан туриб олади ва боғчага ошиқиб чой ичмасдан кийимларини кийиб оладиган бўлди. Авваллари уйнинг олдига ўйнаш учун чиқса, бошқа болалар боламни камситиб ўйинларига қўшмас эди. Шундан сўнг у ғамгин бўлиб уйдан чиқмай қўйган эди. Ҳозирда ўғлимнинг қувончини тасвирлаш қийин. Бундан биз ҳам бахтиёрмиз. Болам келажакда юриб, югуриб кетаман деб, ишонч билан айтмоқда. Ҳар кунги машқлар маълум даражада ижобий натижалар бераётир. Болам"дам олиш бўлмасин, ҳар куни боғчага бораман" дейди. Менга шундай бахт инъом этган Президентимиздан миннатдорман.

“Imkon” реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимига йиғилганлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Ташкилотга Президент совғаси – битта “Нексия” ҳамда иккита “Дамас” автомобиллари топширилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов, Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов иштирок этди.

 

Бошқа янгиликлар RSS

21.05.2019 Жўқорғи Кенгес Раисининг навбатдаги сайёр қабули Нукус шаҳрида ўтказилди

Жорий йилнинг 21 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Нукус шаҳридаги Спорт мажмуаси биносида сайёр қабул ўтказиб, пойтахт аҳолиси билан учрашди.

19.05.2019 ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС РАИСИ ТАХТАКЎПИРЛИК ЧОРВАДОРЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛДИ

18 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Тахтакўпир туманидаги чорвадорларнинг ҳолидан хабар олди.

14.05.2019 Жўқорғи Кенгес Раиси раҳбарлигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлмоқда

Барчамизга маълум, сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимизнинг раҳбарлигида хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва юртимизга инвестициялар олиб кириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

07.05.2019 Қорақалпоқ прозасининг сардори

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тантанали анжуман бўлиб ўтди.

07.05.2019 Уруш қатнашчисига уй топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Нукус шаҳри “Қизил қум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Атабай Ермағамбетовга байрам совғаларини топширди.