Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Мўйноқда илк қурилиш объектлари фойдаланишга топширилмоқда

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Мўйноқ туманида бўлиб, аҳоли билан учрашган эди. Ташриф доирасида белгилаб берилган вазифаларга оид қабул қилинган дастурга кўра, туманда 49 та объектда қурилиш ишлари бошланган эди.

– Президентимизнинг ташрифидан сўнг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун Ҳукуматнинг махсус қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, 2019-2021 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўм сарфланиши белгиланган. Туман марказида жорий йилнинг учинчи чорагида реконструкция қилиниши ва қурилиши белгиланган “Aral” футбол ўйингоҳи (стадион), 240 ўринли маданият маркази ҳамда 2 000 ўринли амфитеатр муддатидан аввал фойдаланишга топширилди, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими С.Данияров. – Шунингдек, туман марказида замонавий спорт зали ва ёпиқ сув ҳавзасининг қурилишлари ҳам якунланмоқда.

4 март куни фойдаланишга топширилган “Aral” замонавий футбол майдонида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Хўжайли тумани жамоалари ўзаро беллашди. Ўйинни ФИФА арбитри Равшан Эрматов бошқариб борди.

Янгидан очилган амфитеатрда NavrUZ этнофестивалига бағишланган гала концерт бўлиб ўтди. Айни пайтда Мўйноқ туманида кўп квартирали уйлар қурилиши ҳам шиддат билан давом этмоқда. Мустақиллик байрамига қадар топширилиши белгиланган 4 қаватли 24 хонадондан иборат ушбу уйларда 2 ва 3 хонали квартираларнинг нархи ҳам унчалик қиммат эмас: 2 хоналиси – 147 миллион сўм, 3 хоналиси – 182 миллион.

Ҳукуматнинг жорий йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2019-2021 йилларда туманда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари бўйича ҳам дастлабки объектлар ишга тушди.

Мўйноқ туманида метан газ қўйиш шохобчаси йўқ эди. Наврўз байрами арафасида илк бор “Moynaq metan” МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қўйиш шохобчаси иш бошлади. Шунингдек, “Moynaq temir beton onimleri” МЧЖ томонидан бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ишга туширилди.

Оролнинг қуриган тубида амалга оширилаётган ишлар ҳам дастлабки натижаларини бера бошлади. Кейинги ҳисоб-китобларга кўра денгизнинг қуриган майдони 5 миллион гектарни ташкил қилади. Шундан 1,5 миллион гектар майдони Қозоғистон Республикасига, қолган 3,5 миллион гектар майдони Ўзбекистонга тегишли. 4 ойнинг ичида 1 миллион 100 минг гектар ер майдони экишга тайёрланди ва 487 минг гектар ерга саксовул экилди. Экилган саксовуллар уруғи илк бор кўкариб чиқа бошлади.

Бугун Мўйноқ туризм марказига айланиб бормоқда. Яқинда Мўйноқ туманидаги “Mo’ynoq – orzular oroli” МЧЖ томонидан 2 та туристик автобуслар кредит ҳисобидан харид қилиниб, хорижий ва маҳаллий туристларнинг Мўйноқ туманига саёҳатлари ташкил қилинмоқда. Мўйноққа саёҳат қилувчилар сони ҳам ортиб бормоқда.

Туманда туристик салоҳиятни кўтариш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Эски кемалар йиғилган жойни Кемалар музейи замонавий мажмуасига айлантириш ва мукаммал таъмирлаш бўйича ҳам ишлар қизғин олиб борилмоқда. Яқин кунларда Оролнинг қуриган туби ва Устюрт платоси бўйлаб 363 километр масофада илк бор “Ралли Муйнак” мусобақаси ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

“Ҳаким-ата” овул фуқаролар йиғинида жойлашган Сулаймон Бақирғоний мажмуасини таъмирлаш ва тиклаш, атрофини ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Ўтган йили сентябрь ойида туман марказида илк бор ўтказилган Стихия мусиқий фестивали жорий йил 23-24 август кунлари икки кун давомида ташкил этилади. Мазкур фестивалга Германия, Дания, Япония, Украина, Швеция, Қозоғистон ва Россия давлатларидан иштирокчилар келиши кутилмоқда.

 

 

 

Бошқа янгиликлар RSS

10.10.2019 Хушхабар: Тахиатош тумани пахта етиштириш шартномасини бажарди

Тахиатошлик фидойи ва меҳнаткаш пахтакорларнинг ҳамжиҳатликда қилган меҳнатлари натижасида мазкур туман давлатга пахта топшириш бўйича шартномавий режасини биринчи бўлиб ортиғи билан, яъни 100,6 фоизга бажариб, меҳнат зафарига эришди.