Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Тўй-маъракаларни ихчам ўтказиш масаласи муҳокама этилди

Нукус шаҳрида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг бир гуруҳ фаолларига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини топшириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг шу йил 14 сентябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  қарорининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев бошқариб борган тадбирда мутасадди вазирликлар, корхона-муассасалар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига юклатилган вазифларни самарали ижро этиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро бирга ишлашни янада ­мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги қарори асосида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар ҳамда жамоатчилик вакилларини рағбатлантириш мақсадида “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Жорий йилда республикамиздан 15 нафар фаол фуқаролар ушбу кўкрак нишонига муносиб деб топилди. Тадбирда мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича  Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев, “Нуроний” фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Ш.Уснатдинов, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Абдуллаев, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси О.Атаниязова сўзга чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг шу йил 14 сентябрдаги “ Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  қарорнинг мазмун-моҳияти ва  аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда ортиқча дабдаба, ким ўзарлик каби ҳолатлар кузатилмоқда. Юқорида қайд этилган қарорнинг асосий мазмун-моҳияти, тўй-маъракаларимизни миллий анъаналаримизга хос ихчам, камхарж, исрофгарчиликсиз ўтказишдан иборат.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида уч йўналиш бўйича 20 банддан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ҳамда тегишли вазирликлар ва идораларга аниқ вазифалар белгилаб берилиб, ижроси назоратга олинди. Қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, шаҳар ва туманларга масъуллар бекитилди. Шунингдек, қарор ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаёган ишлар, бу борада кенг жамоатчиликнинг фикрини оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказиш мақсадида Меда-режа ишлаб чиқилди.

Тадбирда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Бошқа янгиликлар RSS