Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ОРОЛ МУАММОСИНИ БИРГАЛИКДА ҲАЛ ҚИЛАМИЗ

25 октябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” юқори даражадаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Юксак даражадаги тадбирга йиғилган 200 дан ортиқ меҳмон – хорижий давлатлар дипломатик корпуслари, халқаро экологик ташкилотларнинг вакиллари, соҳа мутахассисларига аввал Орол инқирози оқибатлари, уни бартараф қилиш бўйича инвестицион лойиҳаларга бағишланган кўргазмалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш қилинди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алихонов олиб борди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг анжуман иштирокчилари йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесининг Раиси Муса Ерниязов нутқ сўзлаб, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича Траст фонди доирасида қатор халқаро донор ташкилотларнинг ресурслари жамланиб, улар маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга йўналтирилаётганини, Оролбўйи минтақасида экологик фожиа оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукумати билан бирга Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Глобал экологик фонд ва бошқа халқаро ташкилотлар билан донор давлатларнинг қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан сўнгги йилларда экологик фожианинг таъсирини юмшатиш бўйича Давлат дастурлари амалга оширилгани, айниқса, Оролбўйи ҳудуди учун 2018-2021 йилларга мўлжалланган махсус Дастурнинг қабул қилингани маҳаллий аҳолининг ҳаётида алоҳида ўрин тутаётгани, бугунги кунда Орол денгизи тубида чўлга чидамли ўсимликлар экиш ишлар жадал олиб борилаётгани, ўтган қисқа давр ичида 1 миллион 100 минг гектардан ортиқ майдон экишга тайёрланиб, шундан 500 минг гектарга саксовул экилгани, 2019-2020 йилларнинг қишки ва баҳорги мавсумида бу ишлар янада давом эттирилиб, 700 минг гектарга чўл ва тузга чидамли ўсимликлар экиш режалаштирилаётганини қайд этиб ўтди.

Анжуманда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Абдулайе Дьейе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Буриан сўзга чиқди.

Тадбирнинг асосий мақсади экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, яшил иқтисодиёт тамойилларини, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни комплекс амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайдиган технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш, экологик миграция ва экотуризмни ривожлантиришдир.

Орол денгизининг қуриши миллий, ҳатто минтақавий чегаралардан ташқарига чиқадиган фожиадир. Шубҳасиз, бу экологик, иқлимий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатларга олиб келадиган, инсон фаолияти натижасида юзага келган энг катта глобал экологик офатлардан бири бўлиб, минтақадаги иқлим шароитини ёмонлаштирди.

Афсуски, Орол денгизини тўлиқ тиклаш энди мумкин эмас, аммо у билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш мумкин. Орол денгизи инқирозининг атроф-муҳитга ва Орол денгизи минтақасида яшовчи миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига ҳалокатли таъсирини камайтириш, шунингдек, иқлим таъсирининг янада ёмонлашуви олдини олиш ҳозирги замоннинг энг муҳим вазифасидир.

Конференцияда Президентнинг учта ташаббусини илгари суриш: Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси, Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур тақдимоти ва муҳокамаси ўтказилди.

Анжуман доирасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш ва экотуризмни ривожлантириш йўналишларида йиғилишлар ташкил этилди.

 

Бошқа янгиликлар RSS