Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ХУШХАБАР: ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ПАХТАКОРЛАРИ ПАХТА РЕЖАСИНИ ОРТИҒИ БИЛАН БАЖАРДИ

Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари 2019 йилги пахта топшириш бўйича шартнома режасини 100,54 % ортиғи билан бажариб, куч-ғайрат ва шижоат, миришкорлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён қилди.

2019 йил режасига кўра, қорақалпоғистонлик пахтакорлар давлатга 184 200 тонна пахта хом ашёсини топшириши белгиланган бўлиб, 26 октябрь ҳолатига кўра, ҳудуддаги жами 2523 фермер хўжалиги режани 100,54 фоизга бажариб, 185 195 тонналик хирмон кўтарди. Пахта режасини бажариш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Фарғона ва Андижон вилоятларидан кейин учинчи бўлди.

Бу қорақалпоғистонликлар учун катта ғалаба, албатта. Чунки, ҳудуддаги экологик вазият, ерларнинг шўрланиш даражасининг юқорилиги, мелиоратив ҳолатининг барқарор эмаслиги, ноқулай об-ҳаво шароити маҳаллий деҳқон фермерлер учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда бирмунча қийинчиликлар туғдиргани сир эмас.

Республикамиз деҳқон фермерларининг бу улкан зафари замирида Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпо­ғистон Республикасида ҳам қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, кўп йиллик тажрибаси, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жорий йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан жадал суръатларда ўтказилмоқда. Бунда нафақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, балки, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда. Йиғим-терим ишларида фаол қатнашаётган теримчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахта далаларида меҳнат қилаётган ҳар бир теримчига терилган пахтасининг пули ўша куннинг ўзида, дала бошида бериб борилмоқда. Шунингдек, илғор теримчиларга автомашина, музлатгич, телевизор, газ плитаси ва бошқа совғаларнинг берилиши терим суъратини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Тахиатош, Амударё, Нукус, Беруний, Қораўзак, Элликқалъа ҳамда Тахтакўпир туманлари пахтакорлари ҳам пахта етиштириш бўйича шартномавий режасини ортиғи билан бажариб, республикамиз хирмонининг юксалишига муносиб ҳиссасини қўшди.

 

Бошқа янгиликлар RSS