Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ЧОРВАЧИЛИК РИВОЖИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ

Қорақалпоғистонда азалдан чорвачилик, деҳқончилик, балиқчилик соҳалари ривожланиб, бу борада ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Қорақалпоқларнинг “Уч ой қовуним, уч ой соғиним, уч ой қовоғим, уч ой чавоғим” деган мақоли ҳам бу халқнинг қадимдан она табиат билан тиллашиб, сирлашиб, меҳнат қилиб, ризқ терганидан далолат беради.

         Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда мазкур соҳаларни жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг табийий шароитинидан келиб чиқиб муайян бир соҳага ихтисослаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, деҳқон-фермерлар, чорвадорлар, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларнинг иш бошлаши ва ривожлантириши, соҳасини кенгайтириши учун қатор имтиёзлар берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Республикани янада тараққий эттириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 7 ноябрда “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мазкур устувор йўналишлардан бирини босқичма-босқич амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

         Қарорда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

– Бугунги кунда фермер комплексимизда минг бош йирик шохли, қарорда келтирилган гўшт йўналишидаги Абердин-ангус, Герефорд, Қозоқ оқбош зотли қорамол боқилмоқда. Бу зотли молларнинг афзаллик томонлари республикамиз иқлимига жуда тўғри келади ва кунига 1,3-1,5 килограмм вазн тўплайди, – дейди берунийлик тадбиркор, “Шукурулло Бобожонов” фермер хўжалиги раҳбари Зокиржон Бобожонов. – Президентимиз томонидан махсус қарорининг қабул қилингани республикамиз чорвадорларининг кўп вақтдан буён кутиб келаётган кўнглидаги иш бўлди, орзуларининг ижобати йўлидаги муҳим босқич бўлди. Мен ҳам мазкур қарордан руҳланиб, Бўзатов туманидан янги фермер комплексини ташкил этиш, яна минг бош зотдор қорамол парваришлаш ва элликта иш ўрнини яратишни режалаштираяпман.

Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмасини, Самарқанд ветеринария тиббиёт институтининг Нукус филиали қошида Ветеринария техникумини, Тахтакўпир туманида Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази филиалини ташкил этиш, шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Қорақалпоғистонда қорамолларда учрайдиган тейлериоз касаллигининг олдини олиш бўйича эмлаш тадбирлари амалга ошириш каби қатор вазифалар белгиланган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларга: АТ Халқ банки томонидан 2019-2020 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 75 миллион АҚШ доллари миқдоридаги, агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан 2020 йилда Осиё тараққиёт банки иштирокида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳамда ваколатли банклар томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 291,6 миллиард сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 75 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори чорвачилик ривожида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир. Мазкур қарор  республикамиз чорвадорлари учун яна кўплаб имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Зеро чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Бу эса халқимизнинг фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Бошқа янгиликлар RSS