Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСДА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН МАЖЛИС ЎТКАЗИЛДИ

Барчамизга маълум, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 7 ноябрда “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жорий йил 11 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Президентимизнинг мазкур қарорида белгиланган вазифаларни ижро этиш юзасидан мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисни Жўқорғи Кенгес Раиси М.Ерниязов бошқариб борди ва давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори Қорақалпоғистонда чорвачилик ривожида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятли эканини таъкидлаб,  республикамиз чорвадорлари учун яна кўплаб имкониятлар эшигини очишини, халқимизнинг фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, республикамиз раҳбари ўз сўзида чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чорвачилик соҳасига аҳолини кенг жалб қилиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган лойиҳа ташаббускорларини, шу жумладан, потенциал инвесторларни аниқлаш ва уларнинг ишини ташкилий жиҳатдан таъминлаш,
лойиҳа ташаббускорларининг кредит ресурслари ва ерга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда уларга зарур кредит маблағи ва ер майдони ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш ва бошқа аҳамиятли масалалар бўйича амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга тўқталиб ўтди.

Мажлисда қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унинг республикамизда чорвачиликни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

Бошқа янгиликлар RSS