Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Нукусда қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев ва бошқалар йиғилганларни 1 декабрь – қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, тил – бу мулоқот воситаси бўлиши билан бир қаторда неча асрлар давомида қадр-қимматини йўқотмай, бизгача етиб келган бебаҳо хазинадир. Юртимизда турли миллатлар тилини асрашга, уни янада бойитишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Қорақалпоқ тилида ҳам янги дарсликлар, қўлланмалар, адабий китоблар ва монографиялар нашрдан чиқарилди, Тилни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўрганишга ихтисослаштирилган ижод мактабининг очилганини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори асосида терминология маркази ташкил этилганини, Чимбой туманида қорақалпоқ адабиётининг забардаст вакиллари Кунхўжа ва Бердақ шоирларнинг хотирасига мақбара ва музей қурилганини алоҳида қайд этиш зарур.

Дунёнинг ривожланган давлатларида тилимиз халқаро лойиҳалар асосида тадқиқ этилиб, Туркиянинг Измир университетида қорақалпоқ тили ўргатилмоқда. Янги лотин графикаси асосида қорақалпоқ тили имло луғати чоп этилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат педагогика институтида қорақалпоқ тили ва адабиёти йўналиши очилгани, Қуръон маънолари ва бошқа бир қатор диний китобларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималари нашр қилингани она тилимизга, халқимиз маънавиятига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик намунасидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг жорий йил 16 октябрь кунги “Қорақалпоғистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги махсус қарори асосида шаҳар ва туманларда қорақалпоқ тилини янада ривожлантириш, кенг жамоатчиликнинг тилга эътиборини янада кучайтириш ва унинг аҳамиятини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларни уни улуғлашга даъват этиш, уларни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қабул қилинган қарор асосида тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ бугунги кунда мазкур сана кенг нишонланмоқда. Хусусан, улуғ шоирлар Бердақ, Ажиниёз ва Ибройим Юсупов ҳайкаллари пойига гуллар қўйилиб, адабий-маданий кечалар, янги китоблар тақдимотлари ташкил этилмоқда. Шу билан бир қаторда, илмий конференциялар, жойларда таниқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, маънавият тарғиботчилари, маданият намояндалари иштирокида давра суҳбатлари ва адабий кечалар, мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танлови ташкил этилиб, театрлар ва маданият саройларида улуғ шоир ва ёзувчиларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилмоқда. 

Амалга оширилаётган ишлар халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини янада бойитишда, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Тадбирда бир гуруҳ қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчилари тақдирланди. Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

 

Бошқа янгиликлар RSS