Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Нукусда Президент мактаби очилди

Бугун пойтахтимиз Нукус шаҳрида замонавий, халқаро андозалар асосида барпо этилган Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, Президент мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, ота-оналар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросимни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очди ва Муҳтарам Президентимиз томонидан сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришда, энг аввало, салоҳиятли янги авлод кадрларини тайёрлаш зарурлиги, бунинг учун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар – Президент мактаблари ташкил этилишини алоҳида таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбарининг “Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим. Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик ҳисси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради” деган гаплари бугун Президент мактаби фаолияти мисолида ўзининг яққол тасдиғини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари А.Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Бабаходжаев ва бошқалар мамлакатнинг келгусидаги жадал тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш бўйича ишлар сифатини ошириш заруратини тақозо этаётганини, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 фeвралида қабул қилинган “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган Президент мактабларида энг қобилиятли ўқувчилар танлаб олиниб, уларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Шу билан бирга, мактабларга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этилиб, уларнинг фаолияти учун керакли шарт-шароитлар яратилган.

Нукус шаҳрида фойдаланишга топширилган Президент мактабига 2018 йилнинг март ойида тамал тоши қўйилган эди. Орадан кўп ўтмай икки гектар ҳудудда замонавий таълим муассасаси барпо этилди.  Мактабнинг қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 67 миллиард сўм маблағ ажратилиб, замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, уч қаватли ётоқхона, барча шароитларга эга меҳмонхона, гимнастика ва спорт заллари, сув ҳавзаси, ошхона ва дарс тайёрлаш хоналари барпо этилди. Мактабнинг барча жиҳоз ва инвентарлари Туркия, Хитой сингари давлатлардан келтирилди.

Мактабда ўқув жараёни қорақалпоқ, ўзбек тилларида, шунингдек, «STEAM» таълим дастури асосида олиб борилади. Шу йўналишдаги аниқ фанлар Буюк Британиянинг Cambridge University ташкилотининг дастури асосида инглиз тилида ўқитилади. Маҳаллий ўқитувчилар билан бир қаторда Кениядан Ондеки Хезбон Опити, Буюк Британиядан Тажероут Ноурид, Жанубий Африкадан Лерато Ирин ва Мойца Мокеге Ричард каби тажрибали ўқитувчилар таклиф этилган.

Бу йил мактабга 7500 ўқувчи ҳужжат топширган бўлса, шундан Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон кенгаши томонидан 144 ўқувчи танлаб олинди.

Президент мактаби – орзу-умидлар мактаби, Ватанимизнинг буюк келажагини яратувчи янги авлод мактабидир. Бу мактабда таълим олган фарзандларимиз келажакда Ватанига хизмат қиладиган, унинг шаънини юксалтирадиган инсонлар бўлиб етишиши шубҳасиз.

Тадбир иштирокчилари Президент мактабида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

 

Бошқа янгиликлар RSS