Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

СПОРТ МАКТАБИ ЯНГИ ҚИЁФА КАСБ ЭТДИ

Бугун, яъни 11 декабрь куни Нукус шаҳридаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг қайта реконструкция қилинган иморати фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз томонидан барча соҳалар қаторида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини, бу ўз навбатида ёш авлодни жисмонан соғлом этиб тарбиялашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

Жумладан, соҳани бошқаришни такомиллаштириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилгани, 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси амалга оширилаётгани, жойларда давлат дастурлари доирасида янги спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар соғлом турмуш тарзига фаол жалб этилаётгани, уларнинг маҳоратини мунтазам ошириб бориши учун замонавий шароитлар яратилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабини реконструкция қилиш  учун маҳаллий бюджетдан жами 9 миллиард 618 миллион 531 минг сўм маблағ ажратилиб, йирик таъмирлаш ишлари давомида замонавий югуриш йўлакчалари резина қопламалар билан, футбол ва волейбол майдонлари эса терафлекс спорт репуломи билан қопланди.

Янги қиёфа касб этган спорт мактабида қатор спорт турлари билан шуғулланувчи ёшлар ва уларнинг мураббийлари учун машғулот давомида янада қулайликлар яратиш мақсадида кийим алмаштириш, ювиниш хоналари ва ошхона сингари қўшимча хоналар ҳам ажратилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Бугунги кунда мазкур спорт мактабида 1,5 мингдан зиёд ёш спортчи 58 нафар мураббийдан спорт сирларини пухта ўрганмоқда. Мактаб тарбияланувчилари якунланиб бораётган жорий йилнинг ўзида мамлакат ва халқаро миқёсидаги нуфузли мусобақаларда жами 40 олтин, 39 кумуш ва 49 бронза медални қўлга киритган. Спорт мактаби реконструкция қилиниб, замонавий шароитлар яратилиши уларнинг келгусида юксак чўққиларни забт этишига пухта замин бўлиб хизмат қилади.

 

Бошқа янгиликлар RSS