Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йил 16 декабрь куни Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналарнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очди ва олиб борди.

Депутатлар сессиянинг Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар, аниқ мақсад ва вазифаларни мужассам этган фармон ва қарорлар, дастурлар турмушимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг ҳар бир ташрифи катта яратувчанлик ишларига асос бўлмоқда.

Президентимизнинг республикамизга шу йилнинг август ойидаги ташрифидан сўнг 14 триллион 805 миллиард сўмлик 697 лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 14 мингга яқин янги иш ўрни яратиш вазифаси белгилаб берилган эди. Шундан бугунги кунга қадар 455 миллиард сўмлик 111, яъни бу йилнинг ўзида 16 фоиз лойиҳа ишга туширилди.

Бу лойиҳаларнинг энг устуворларига тўхталадиган бўлсак, Нукус туманида йилига 300 тонна балиқ етиштирадиган балиқчилик кластери йўлга қўйилди. Нукус шаҳрида шприц ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарадиган “Нукус мед тех” корхонаси, Элликқалъа туманида “Эл обод маҳалла” фермер хўжалигида йилига 1200 тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган линия, Тахиатош ва Элликқалъа туманларининг ҳар бирида 4 гектарли гидропоника усулидаги замонавий иссиқхоналар ишга туширилиб, фаолият бошлади. Шулар билан бир қаторда энг йирик объектлардан бири ҳисобланган “Нукус Сити” мажмуаси учун ер майдони ажратилиб, бош режаси бекитилди. Шаҳар ва туманларимиз фармацевтика, электротехника, нефть-кимё саноати, тўқимачилик, туризм, чорвачилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга ихтисослашгани, Мўйноқ туманида ҳар ойда 5-6 объектнинг, Конституция байрами кунлари шаҳар ва туманларимизда 50 дан ортиқ объектнинг ишга туширилгани иқтисодиётимизнинг мустаҳкамланиб, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланаётганининг яна бир далидидир.

Бугунги кунда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастурлари асосида 312 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари берилди. Республикамизга 180 миллион доллар миқдорида инвестиция тўғридан-тўғри олиб келиниб, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Латвия, Польша, Беларусь ва бошқа давлатларга 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Жорий йилнинг ўзида Тунис, Болгария ва Сингапур давлатларига маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилгани халқимизнинг насибаси ортиб, ички имкониятларимизнинг тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги Президент мактабларини ташкил этиш, бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф этган эди. Бу борада бугунги кунда Тошкент, Наманган, Хива шаҳарларидан кейин Нукус шаҳрида Президент мактаблари очилди. Бу мактабнинг қурилиши учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 83 миллиард сўм маблағ ажратилиб, энг замонавий шароитлар яратилди. Замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, шунча ўринга мўлжалланган уч қаватли ётоқхона, барча қулайликларга эга меҳмонхона, гимнастика ва спорт заллари, сузиш ҳавзаси, ошхона, дарс тайёрлаш хоналари ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Барча зарур инвентарлар Хитой Халқ Республикаси ва Туркия давлатларидан олиб келинди.

Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизининг атрофида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида, денгиз тубида ўтган мавсумда 1 миллион 125 минг гектарга яқин ер майдони тайёрланиб, 500 минг гектарга саксовул, қандим ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилган бўлса, жорий йил 700 минг гектарга экиш режалаштирилиб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Бу ишларга вилоятлардан, шаҳар ва туманларимиздан мингга яқин техника ва механизмлар, 4 дона кичик самолёт, 2500 дан зиёд ишчи қатнашиши кутилмоқда. Уларга қулай шароит яратиш мақсадида 74 дона вагон уй, тўрт жойда кичик авиация қўниш майдончаси тайёрланди ва 120 километр йўл текисланди. Экиш ишларига талаб қилинадиган 61 миллион дона саксовул, қандим ва бошқа ўсимликларнинг ниҳоли тайёрланган бўлса, бунга қўшимча 45 миллион донадан ортиқ ниҳол олиб келиниши кутилмоқда. Бугунги кунда 915 тонна уруғ тайёрланган бўлса, бу кўрсаткични 2400 тоннага етказиш кўзда тутилмоқда. Жорий йилги мавсумда самолётлар ёрдамида 9 минг гектардан зиёд майдонга 35 тоннага яқин саксовул уруғи экилди.

Президентимиз томонидан яратилиб берилган имкониятлар натижасида ўтган йили бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан 1 триллион сўм маблағ халқимиз фаровонлиги учун қолдирилиб, бу маблағлар овулларимизни обод қилиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, Маданият уйлари, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларини таъмирлаш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, энг оғир ҳудудларда ободонлаштириш каби эзгу ишларга сарфланди. Бу йил бюджетга даромадлар тушумини ва ишлар кўламини ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар ошириш, яъний бюджет прогнозини 3,5 триллион сўмга бажариб, шундан 750 миллиард сўмлик эркин қолдиқ маблағини қолдириш режалаштирилмоқда.

Шу йилнинг 30 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида биринчи маротаба 2020 йил учун “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонунда республикамизнинг барча йирик корхоналарининг ва бошқа солиқ тўловлар тўлиқ ўзимизда қолдирилмоқда.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикасининг 2020 йилдаги Бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала бўйича республика Молия вазири М.Содиқов баёнот қилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари Ё.Турсунов, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Қ.Халмуратов сўзга чиқди ва депутатларо тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги “Қорақалпоғистон Республикаси давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрир) лойиҳаси ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси С.Турманов баёнот қилди. Бу масала бўйича 30-сонли “Манғит” сайлов округидан депутат А.Юлдашев сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда, шунингдек, “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим Қонунларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисида Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси С.Турманов баёнот берди. Бу масала бўйича 51-сонли “Оқманғит” сайлов округидан депутат Қ.Елмуратов сўзга чиқди. Депутатлар ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги “Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва уларнинг профилактик аҳволи тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирхановнинг ҳисобати тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан 2019 йилда олиб борилган ишлар тўғрисида масала бўйича Қурилиш вазири Ж.Бердихановнинг ҳисобати тингланди. Бу бўйича Элликқалъа тумани ҳокими, депутат С.Авезов сўзга чиқди. Депутатлар бу борада тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги “Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича республика прокурори Х.Каримовнинг ҳисобати тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда фуқароларнинг ҳуқуқлари билан эркинликларини, шунингдек, корхона, идора ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари билан қонуний манфаатларини суд орқали муҳофаза қилишни амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича суди раиси Г.Базарбаеванинг ахбороти тингланди. Депутатлар бу борада тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги “Норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида 2019 йилда олиб борилган ишлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича республика Адлия вазири С.Худайбергенов ахборот берди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий судининг раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Гаўҳар Зарипова Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий суди раиси этиб тайинланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда республика Иқтисодий судининг раиси Гаўҳар Зарипова сўзга чиқиб, депутатлар томонидан билдирилаётган ишонч учун миннатдорлик билдирди ва бундай масъулиятли вазифани адо этишда ўзининг куч-ғайратини, билим ва тажрибасини аямай сарфлашини таъкидлади.

Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўққизинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Ф.Умаров иштирок этди.

Бу депутатлик корпус учун якуний сессия ҳисобланади. Ўтган 5 йил давомида ўтказилган 29 сессия мажлисида 156 масала кўриб чиқилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ўзгаришлар киритилди ва 30 Қонун қабул қилинди. Ўтган даврда иқтисодиётимизнинг барча тармоқ раҳбарларининг 76 ҳисоботи тингланди. Шунингдек, ўтган 5 йил давомида Жўқорғи Кенгес қўмиталари томонидан 220 масала кўриб чиқилди ва тегишли ечим қабул қилинди.

 

Бошқа янгиликлар RSS