Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Қонликўлда янги объектлар фойдаланишга топширилди

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Қонликўл туманида бир нечта янги ижтимоий-иқтисодий объектларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда республикамизнинг барча ҳудудлари қатори Қонликўл туманида ҳам улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Лойиҳа қиймати 1,19 миллиард сўмлик туман бандликка кўмаклашиш марказининг янги биносида фуқароларнинг кутиш хонаси, мажлислар зали, архив ва қўшимча иккита хона ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Йигирмага яқин ходим иш олиб борадиган ушбу марказда аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган.  

Лойиҳа қиймати 4,498 миллиард сўмлик туман маданият бўлимининг янги биносида эса аҳолига маданий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, турли маданий тадбирлар ташкил этиш учун 180 ўринли томошабинлар зали, тўгараклар учун хоналар ташкил этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Шунингдек, туман марказидаги “Алтинкўл гузари” ҳудудидаги “Жайхун барака чеварлари” тикувчилик корхонаси ҳам фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 144 миллион сўм бўлган ушбу корхона йилига 3000 дона кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган. Жами 150 ўринга мўлжалланган мазкур корхонада айни пайтда 40 дан зиёд хотин-қизлар ишламоқда.

Туманнинг “Қонликўл” шаҳарчасидаги 13-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносининг фойдаланишга топширилиши янги йил арафасида туман аҳолиси, айниқса, болалар учун катта совға бўлди. Янги қиёфа касб этган мактабгача таълим ташкилоти бугунги кунга келиб 225 болани қабул қилиш қувватига эга бўлди. Боғчада болаларнинг дам олиш, овқатланиш хоналари, тарбиячилар, тиббиёт, кутиш хоналари, спорт майдончаси барча қулайликларга эга.

“Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган “Науше гуллери” давлат-хусусий шериклик боғчасида ҳам болалар учун барча шароитлар яратилган. Лойиҳа қиймати 1,750 миллиард сўмлик ушбу мактабгача таълим ташкилоти 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, еттита иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, шу куни тумандаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида қурилган, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан бошланғич тўлови тўлаб берилган 10 та арзонлаштирилган уй-жой тумандаги оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларга топширилди.

Албатта, фойдаланишга топширилган мазкур объектлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш, туманнинг иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Бошқа янгиликлар RSS