Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ДЕНГИЗ ТУБИДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

2019 йил республикамиз ёшлари ҳаётида ҳам муҳим воқеалари билан эсда қоладиган йиллардан бири бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Айниқса, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашуви буткул юртимиз ёшларини тўлқинлантириб, уларнинг ойдин келажакга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Эртанги кун эгалари бўлган ёшлар билан учрашувлар мамлакатимизнинг барча жойларида юқори кўтаринки рухда ташкил этилмоқда.

Мана шундай учрашувларнинг бири 30 декабрь куни Орол денгизининг қуриган тубида, яъни, яшил ўрмонзорлар барпо этилаётган ҳудудта бўлиб ўтди. Унга ушбу ҳудудда саксовул экиш ишларида жавлон уриб меҳнат қилаётган ёшлар, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ходимлари, ишчи, механизаторлар, олимлар ва республикамизнинг бир қатор фаол ёшлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

27-декабрь куни давлатимиз раҳбарининг фаол ёшлар билан учрашувидаги «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади» деган фикрлари юртимиз ёшларига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин далилидир. Албатта, Президентимизнинг бундай оталарча ғамхўрлиги, улкан ишончи ва қўллаб-қувватлаши ёшларимизга куч-ғайрат, илҳом ва кўтаринки кайфият бағишлайди.

Ўз навбатида бир гуруҳ ёшларимиз сўзга чиқиб, ўзларига билдирилган улкан ишончни оқлашга, келажакда бор билим, куч-ғайратини, истеъдодини Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши учун сарфлашга ваъда берди.

Учрашув давомида Орол денгизининг қуриган ҳудудини яшил ўрмонзорга айлантириш ишларида қизғин меҳнат қилаётган бир гуруҳ илғор ходимларга «Ўатан пидайысы» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Бундан сўнг республикамиз ёшлари ўтган мавсумда амалга оширилган ишларнинг натижаси, бугунги кундаги саксовул экиш ишларининг бориши билан яқиндан танишди. Шу билан бирга ўзлари ҳам турли техникаларда, ҳатто, самолётларда саксовул экиш ишларида қатнашиб, бу эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўлди.

Ўтказилган тадбирлар республикамиз санъаткорлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Албатта, денгиз тубида ўтказилган бир кун ёшларимизнинг эсида узоқ вақт сақланиши билан бирга, она Ватанга муҳаббатининг янада ошишида,  туғилган ерга садоқат туйғуларининг янада кучайишида ва юрт равнақи йўлида ўзини аямасдан меҳнат қиладиган фарзандлар бўлиб камолга етишида муҳим аҳамият касб этишига ишонамиз.

 

Бошқа янгиликлар RSS