Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Нукусда Ватан ҳимоячилари куни белгиланди

14 январь куни пойтахтимиздаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан йиғилганларни байрам билан самимий қутлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, республикамиз раҳбари ўз сўзида бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Қуролли Кучларимизни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Ватан ҳимоячиларига яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида айтиб ўтди.

Ўтган йилнинг ўзида ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган бўлса, Миллий гвардиянинг 9 объектида 33 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик хизматига қарашли Чегара қўшинлари ҳарбийлари учун 48 квартирали, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ходимлари учун 30 квартирали турар жойлар, Ички ишлар вазирлиги шифокорлик бўлими госпиталининг янги замонавий 2 қаватли биноси фойдаланишга топширилди.

Бундай хайрли ишлар 2020 йилда ҳам давом этиб, ҳарбийлар, миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари учун 120 квартирали 4 та турар жойни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Байрам арафасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фав­қулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи Президентимиз Фармони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

Тантанали йиғилиш республика санъат усталарининг байрам концерти билан якунланди.

 

Бошқа янгиликлар RSS