Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Наслдор эчкилар маҳаллий яйловларда боқилмоқда

Беруний тумани «Қизилқалъа» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Музаффар Шамуратов” фермер хўжалигига Германиядан наслдор эчкилар олиб келинди. Германияда чорвачилик соҳаси ҳам кенг ривожланган. Хўжаликка 47 бош наслдор эчки ва 12 бош улоқчалар олиб келинди.

- Буларни олиб келишдан олдин, улар ҳақида маълумот тўпладим, - дейди фермер Мансур Шамуратов. - Аввало, мени насл­дор эчкиларнинг йилига икки маротаба туғиши ва тез кўпайиши қизиқтирди. Маҳаллий эчкилар ҳам йилига икки марта туғиши мумкин, лекин герман насли ҳар туғишда 3-4 улоқ туғиши билан фарқланади. Она эчки бир кунда 5 литр сут беради. Сути ёғли ва фойдали. Мана дастлабки соғилган сут сигир сутидан ёғли  эканлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга бу эчкиларнинг жунини қирқиб юриш шарт эмаслиги ҳам ишимизни осонлаштиради.

Хўжалигимиз ҳисобида 40 гектар яйловимиз бор. Яйловда ўт-чўп мўл. Олиб келган пайтда бу ўтларни емай қолса, деган хавотиримиз бор эди. Ҳозир эчкилар кўк ўтларга ўрганиб қолди. Яйлов ўтларидан ташқари озуқа билан таъминлаш мақсадида 16,6 гектар майдонга маккажўхори ва беда экдик. Шунингдек, бошқа озуқа ем-хашак беришни ҳам йўлга қўйганимиз улардан олинадиган сут миқдорини оширмоқда.

Наслдор эчкиларни Германиядан олиб келиш осон эмас. Бу борада бизга “Агробанк”­нинг Беруний тумани филиали молиявий кўмак берди. Банкдан 49 миллион сўмлик кредит олдик. Келажакда бу каби имкониятлардан кенгроқ фойдаланиб, фаолиятимизни янада кенгайтирмоқчимиз. Фақат гўшт ва сут етиштириш билан чекланиб қолмасдан, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишловчи кичик корхона қуришни режалаштирмоқдамиз.

Ҳозирги кунда мазкур наслдор эчкилар маҳаллий яйловларда чўпон Қуваниш Қарибоев томонидан боқилмоқда. Қ.Қарибоев таъкидлашича улар маҳаллий ўтларни танламасдан истеъмол қилиб, ўзларини яхши ҳис қилаяпти. Шундай экан, бу эчкилар иқлим шароитимизга ҳам тез мослашиб, келажакда чорвачилик соҳасининг бу йўналиши ривожида муҳим қадам бўлишига ишонамиз.

 

Бошқа янгиликлар RSS