Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИНГ ЯНГИЛАНГАН ҲАЁТИ

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи бу ҳудудда иқтисодиётни ривожлантириш, қорақалпоқ халқининг ижтимоий ҳаётини яхшилишга  қаратилган  қатор лойиҳалар, режалар, таклифлари билан ҳар бир фуқаронинг кўнглида янги орзу-мақсадлар юксалишини, бахтли келажакни шу бугун кўриб яшаётганлигини яна бир марта намоён қилади. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон халқига бўлган чексиз эътибори ва меҳри бу ҳудудни янада обод, янада фаровон қилиш учун олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ўз аксини топмоқда.
Маълумки, кейинги икки йилда Ўзбекистон нафақат янгиланди, яшарди, балки бутун дунёни ўзига қаратди. Халқимиз бир вақтлар узоқ Европанинг ривожланган мамлакатларига бориб кўришни ҳавас қилар эдилар. Бугун эса бутун дунё Ўзбекистонга интилмоқда. Шу икки йилда мамлакатимиз катта бунёдкорлик майдонига айлангани сир эмас. Қувонарлиси шуки, бу бунёд­корлик биринчилардан бўлиб Қорақалпоғистонда ўз  ифодасини топди. Давлатимиз раҳбари ўз ташрифи давомида ана шу бунёдкорликлар натижаси бўлган қатор лойиҳалар ўз самарасини берганини эътироф қилар экан, қорақалпоқ халқи билан бу галги учрашув янги режалар, янги вазифалар ва янги ташаббуслар билан янада самарали бўлишини таъкидлади.
Халқимиз бугун Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва эътибори натижасида Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, юрт қиёфаси мутлақо янгиланганлиги, ўзгарганлигини қувонч билан эътироф қилмоқда. Обод қишлоқлар, обод маҳаллалар кўркам ва муҳташам бинолар, сайлгоҳлар, хиёбонлар пайдо бўлди. Ер ости, ер усти бойликлари Президентимизнинг янги режалари ва Қорақалпоғистонга йўналтирилаётган хорижий инвестициялар билан саноат соҳасини ривожланиш босқичига кўтаришда муҳим омил бўлмоқда. Тадбиркорларнинг  барча соҳаларда қилаётган меҳнатлари халқ фаровонлигини оширмоқда, дастурхонларини тўкин қилмоқда.
Қорақалпоғистоннинг янгиланган ҳаёти дўстлик-биродарлик, инсонларнинг меҳр-оқибати, келаётган ҳар бир янги куннинг катта мақсадларга тўлиб турганлиги, халқимиз ўз бахтини, келажагини бугун кўраётганлиги  уларнинг ўз ҳаётдан рози ва Президентимиздан миннатдор бўлганлигида намоён бўлмоқда.
Алоҳида бир қувонч билан таъкидлаш лозимки, халқчил, одамларнинг дарди ва ташвиши, қувончи, орзу ва умидларини ҳис қила оладиган, инсонпарвар Президентимиз Нукус шаҳрининг кўчаларини айланиб юриб, ёш келин-куёвлар тўйининг иштирокчиси бўлди. Тўйга йиғилганлар даврада давлатимиз раҳбарини кўриб, аввало ўз кўзларига ишонмадилар. Ёш келин Ҳурлиман Арзиева, куёв Султон Тореновлар ўз тақдири тарихий бир тасодиф билан бахтга тўлганини, шундай бахтли давлатнинг фарзанди эканликларини ва шу юртнинг хизмати учун жонини фидо қилишга тайёрлигини таъкидладилар. Президентимизнинг бу ёш оилага янги турар-жой совға қилгани уларнинг кейинги ҳаётларида шу юрт тақдири учун масъулиятини янада оширди.
Мен ижодкор сифатида Президентимизнинг республика фаоллари билан учрашувидаги халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганлиги, янги лойиҳалар одамлар турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилиши кераклиги тўғрисидаги маърузасини тинглар эканман, Қорақалпоғистон халқини нақадар катта бир бахт, тинч-осойишта,  тўкин-сочин фаровон ҳаёт кутаётганлигини ҳис қилдим. Ижодкор сифатида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини янада юксалтиришга қаратилган янги лойиҳалар, янги режалар, ташаббус ва таклифлар бизлар яратадиган янги асарларга мавзу бўлишини  ва биз бундай яратувчанлик меҳнати билан қаҳрамонлик кўрсатаётган ҳар бир инсон ҳаётини қаламга олиб, тарих саҳифаларида қолдиришимиз кераклигини англадим.
Шу ўринда Президентимизнинг олдинги ташрифидан кейин Нукусда қад рост­лаган Ибройим Юсупов номидаги ёш истеъдодлар мактаби ўқувчиларининг ижоддаги ютуқларини эсладим. “Қарақалпақ адебияти” газетаси саҳифаларида етти ёшдан тўқсон ёшгача бўлган қатор янги ижодкорлар номи пайдо бўлганлигини айтиб ўтмоқчиман. Бу халқимизнинг  Президентимиз олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатидан рози бўлиб яшаётганлиги, янгланаётган ҳаёт, ёшу-кексага илҳом бераётганлигининг исботидир.
Бугун ёшларимиз доно бўлишга интилмоқда, кексаларимиз эса бирдан яшариб қолишини орзу қилмоқдалар.
Биз ижодкорлар бундай янгиланаётган ҳаётни Президентимизнинг халқ учун қилаётган яхшиликларини албатта қаламга оламиз. Биз бу ишларни  Мўйноқ туманидан бошлашимиз керак деб ўйлайман. Айниқса, юртимизнинг энг шимолида жойлашган “Қорақалпоғистон” шаҳарчасининг мутлақо янги қиёфага кирганлиги, бу ерда яшовчи ҳар бир фуқаро: “Бизнинг шаҳарчамиз Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудуди. Бошқа мамлакатдан шу ҳудуд орқали Ўзбекистонга кириб келган ҳар бир одам шаҳарча қиёфасида,  ҳилпираб турган давлатимиз байроғи, нур сочиб турган гербига кўзи тушиб,  бизнинг юртимиз яшнаб, янгиланиб бораётганлигининг гувоҳи бўлади. Биз Президентимиздан нафақат миннатдормиз, биз давлатимиз раҳбари тимсолида бахтли юртимизни, инсонларнинг бир-бирига бўлган дўстона меҳрини, биродарлигини ҳис қиламиз.  Тарихимизни англаймиз, айниқса қорақалпоқ халқига бўлган чексиз ғамхўрлик, миллат шаъни ва қадрини нақадар кўкларга кўтараётганлигидан мамнунмиз” деб, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшамоқдалар.
Президентимизнинг Мўйноқ туманига ташрифи ва туман бундан кейин мутлақо янгиланиши тўғрисидаги кўрсатмалари – саноат соҳасида 12 та, қишлоқ хўжилигида 5 та, аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича 12 та катта лойиҳалар амалга оширилиши бу туманнинг 21 аср талабларига жавоб берадиган янги бир қиёфаси, янги фаровон ҳаёти, бошланаётганидан дарак беради. Буларнинг ҳаммаси ҳар бир ижодкор учун катта илҳом манбаи бўлиши шубҳасиздир.
Биламизки, Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш денгизнинг шўрланган ерларида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, экотизимни яхшилаш Оролнинг қуриган қисмида ўрмонлар барпо қилиш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳам Қорақалпоғистонда катта лойиҳалар асосида амалий ишлар олиб борилади.
Президентимиз “Орол фожеасидан энг кўп зарар кўрган асли шу – Мўйноқ аҳолиси деб таъкидлади. Мўйноқликларнинг сабр қаноати, ватанпарварлиги, меҳаткашлиги учун раҳмат айтишимиз шунга муносиб хизмат қилишимиз керак” деди. Бу шунчаки сўзлар эмас. Айниқса, Мўйноқда келгуси йили 20 та кўп қаватли уйлар қурилиб янги шаҳарча барпо этилиши тўғрисидаги вазифалар мўйноқликларни чексиз қувонтирди.
Қорақалпоғистонликлар  эртанги кунга ишонмоқда. Негаки, Президентимизнинг Ўзбекистоннинг Хитой, Жанубий Корея, Япония, Қувайтдаги элчилари томонидан Қорақалпоғистонда йирик лойиҳалар асосида амалга ошириладиган инвестициялар ҳисобига цемент, лак-бўёқ,  алюмин фольгаси, ишлаб чиқарадиган заводлар ишга туширилиши фикримизнинг далилидир. Халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда, мактабгача таълим муассасалари фаолияти кенгайтирилмоқда, ёш кадрларни тарбиялаш мақсадида Нукус шаҳрида янги типдаги Президент мактаби қурилади.  2400 ўринли 7 та мактаб барпо қилинади.
Буларнинг ҳаммаси Қорақалпоғистоннинг ҳаёти, турмуш тарзи янгиланаётганлиги, юртимизнинг озод ва обод, турмушимизнинг янада фаровон, халқимизнинг бахти чексизлигининг тимсолидир.

 

Бошқа янгиликлар RSS

06.12.2018 Жиноятчиликга қарши курашишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди

2018 йил 6 декабр куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4-декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги махсус Фармойишининг ижросини таъминлаш, шунингдек жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчилик билан курашиш фаолияти бўйича 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар, келгусида бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб олишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.