Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙЎЛИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИЛАДИ

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ­Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифининг иккинчи куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонида бўлди. Бу ерда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги ­йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси билан танишди, ҳарбийлар билан мулоқот қилди.
Миллий армиямиз жанговар қудратини ошириш, ҳарбий хизматчиларга муносиб шароитлар яратиш доимий эътиборда. ­Кейинги йилларда бу борадаги ислоҳотлар янги босқичда давом эттирилмоқда.
Хусусан, ҳарбий салоҳиятни ошириш мақсадида қўшинларни замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлаш янги босқичга кўтарилди. Назарий билимларни амалиётда синовдан ўтказишга эътибор кучайтирилди. Жорий йилнинг ўзида дала полигонларида жанговар ҳолатларга яқин шароитда амалий машғулот ўтказиш сезиларли даражада ошди. Бу ҳарбий хизматчиларнинг психологик ва руҳий тайёргарлигини мус­таҳкамлаш, миллий армиямиз салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Нукус гарнизони ҳудудидаги ҳарбий қисм ётоқхонаси, ўқув корпуслари, ҳарбий савдо мажмуаси, ошхона, шунингдек, ҳарбий шаҳарчадаги боғча, мактаб ва яшаш уйлари таъмирланди. Кичик ўқув полигони ва чавандозлик тайёргарлиги майдони капитал реконструкция қилинди. Теннис, футбол, волейбол майдончаси янгидан қурилди.
Капитал реконструкция қилинган ўқув корпусининг бирида муддатли ҳарбий хизматчилар компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик курслари, хорижий тиллар, математика ва физика бўйича машғулотларда қатнашади.
Қисқача айтганда, бу ерда муддатли ҳарбий хизматчилар келажакда ўзлари учун зарур билимга эга бўлади.
Иккинчи ўқув корпусида мерганлик, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа, ҳарбий топография, ҳарбий тактик махсус тайёргарлик ва алоқа бўйича назарий билимини оширади. Бундан ташқари, бой китоб фондига эга ва замонавий ахборот воситалари билан таъминланган кутубхона аскарлар хизматида. Бу ерда ҳарбий хизматчилар видеомулоқот орқали таниқли шоир-ёзувчилар билан суҳбатлашиш имкониятига эга.
Президентимиз ўқув корпусларида турли мутахассисликлар бўйича ўтказилаётган машғулотлар жараёнини кузатди.
Ҳарбийларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлиши учун барча шароитлар яратаяпмиз. Шунинг учун сизлар вақтингизни беҳуда ўтказмай, китоб ўқишингиз, чуқур билим олишингиз, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни пухта ўрганиб, ёшларга ўрнак бўлишингиз керак. Чунки ёшлар бизнинг таянчимиз, умидимиз, деди Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони.
Учрашувда ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрининг “Қумбуз овул” маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган кўп қаватли уйлар ва уларнинг биринчи қаватида жойлашган нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳамда оилавий поликлиника билан танишди.
Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига аввалги ташрифи чоғида Нукус шаҳрида ижтимоий объектлар, уй-жойлар қурилиши лойиҳалари билан танишиб, болалар боғчаси, оилавий поликлиникани кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Шаҳарнинг Абдамбетов кўчасида ана шундай лойиҳадаги 5 қаватли 10 та арзон уй қурилди. Ушбу уйлардан иккитасининг биринчи қаватида “Навше” нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника ташкил этилди.
Давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган “Навше” нодавлат мактабгача таълим муассасаси 50 ўринга мўлжалланган. Муассаса болалар онгини ўстиришга кўмаклашувчи турли ўйинчоқлар, методик қўлланмалар билан таъминланган. Инглиз тили, рус тили, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилган.
Президентимиз мактабгача таълим муассасасидаги шароитларни кўздан кечирди. Боғчалар кўп қаватли уйнинг шундоқ ўзида жойлашгани одамларга фарзанди кўзи олдида, хотиржам бўлишини, бундан мақсад, аввало, аҳолига қулайлик яратиш эканини алоҳида таъкидлади.
8-оилавий поликлиника аввал Нукус шаҳрининг 26-кичик туманидаги мослаштирилмаган бинода жойлашган бўлиб, шароити оғир, тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли имконият йўқ эди. Аҳоли тор доирадаги мутахассисларга кўриниш учун кўп тармоқли поликлиникаларга боришга мажбур эди.
10-уйнинг биринчи қаватида барпо этилган 8-оилавий поликлиника ҳудуддаги 8 та маҳалланинг 46 минг аҳолисига хизмат кўрсатади. 250 қатновга мўлжалланган муассасада сифатли тиббий хизмат учун барча шароит яратилган, рақамли рентген аппарати, УТТ, ЭКГ, биокимё анализатори каби зарур тиббий анжомлар билан жиҳозланган.
Поликлиниканинг ўзида ижтимоий дорихона мавжуд. У 500 дан ортиқ, жумладан, 55 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар билан таъминланган. Дорилар ўзгармайдиган нархларда, арзон сотилади. Муассасада мижозларнинг шифокор қабулига электрон навбатга ёзилиш тизими ҳам йўлга қўйилган. Одамлар уйда ўтириб, онлайн тарзда навбатга ёзилиши ва белгиланган вақтда шифокор қабулига келиши мумкин.
Президентимиз шифокорлар билан суҳбатда тиббиётга муносабат ўзгарганини, соҳа вакиллари патронаж хизматини манзилли йўлга қўйиши кераклигини таъкидлади.
Оролбўйида экологик вазият оғир. Биз Қорақалпоғистонни тиббий хизмат кўрсатиш бўйича намунага айлантирмоқчимиз. Бизнинг ишимиздан, аввало, одамлар рози бўлиши керак. Қачон рози бўлади? Соғлиғи мустаҳкам бўлса! Шунда кайфияти яхши бўлади, умри узаяди. Энди ҳисобот, статистика билан эмас, одамларнинг кайфияти билан яшаш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Абдамбетов кўчасида амалга оширилаёт­ган бунёдкорлик ишлари, “Nukus city” шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон иқтисодиётини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши аъзолари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари иштирок этган видеоселектор йиғилишини шаҳар ва туманларда кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб борди.
Инвестиция муҳити яхшилангани, зарур шарт-шароитлар яратилгани натижасида кейинги икки йилда Қорақалпоғистон ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улуши 36 фоиздан 41 фоизга ошгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари кўпроқ иш ўринлари яратиш, бунинг учун янги корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
Мамлакатимизни янги тараққиёт бос­қичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар – Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилди. Таклифни барча қизғин қўллаб-қувватлади. Президентимиз соҳа мутасаддиларига тегишли топшириқлар берди.
Келаси йили Қорақапоғистонда 2 минг 400 ўринли 7 та мактаб қурилиши, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус халқаро аэропортида нуронийлар, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди. Очиқ ва самимий мулоқотда мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатидаги ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Йиғилганлар ҳамма жойда ва барча соҳаларда ўзгаришлар бўлаётгани, буни одамлар ўз ҳаёти, маҳалласи, тумани мисолида ҳис қилаётганини таъкидлади.
Шу билан Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунланди.

 

Бошқа янгиликлар RSS

06.12.2018 Жиноятчиликга қарши курашишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди

2018 йил 6 декабр куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4-декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги махсус Фармойишининг ижросини таъминлаш, шунингдек жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчилик билан курашиш фаолияти бўйича 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар, келгусида бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб олишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.