Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси

⌂ ЎЗ ҚР РУ EN

Жиноятчиликга қарши курашишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди

2018 йил 6 декабр куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4-декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги махсус Фармойишининг ижросини таъминлаш, шунингдек жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчилик билан курашиш фаолияти бўйича 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар, келгусида бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб олишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, муассаса ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов кириш сўз билан очди ва Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида соҳани ривожлантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олиш, соҳа ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида айтиб ўтди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Махмудов сўзга чиқиб, бугунги кунда жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича иш олиб бораётган ходимларнинг маънавий-ватанпарварлик тарбияси самарадорлигини янада ошириш, мамлакатда тинчлик ва осоишталикни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишда уларнинг ҳарбий бўлинмалар билан узвий ҳамкорлигини ташкил этиш борасидаги ишлар, ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилаётган камчиликларни таъкидлаб ўтди.

Тадбирда кун тартибидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Ш.Халмухамедов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Ш.Шакиров, Мудофаа вазири ўринбосари А.Икрамов ҳамда республикамизнинг соҳага оид орган раҳбарлари ва жамоат ташкилотларининг раислари маъруза қилди.

Сўзга чиққанлар ўз маърузаларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширган ишларга танқидий баҳо бериб, келгусида бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.

Бу ишларга кенг жамоатчиликни жалб қилишда Миллий Гвардия, Прокуратура, Ички ишлар ва бошқа вазирликлар,  жамоат ташкилотлари узвий боғлик ўрнатган ҳолда якдиллик билан ишлаши кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўтган бир йил давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 11 ойи давомида юз берган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1076 жиноятга камайганлиги (2562 жиноятдан 1486 жиноятга, яъни 42 фоизга камайган) айтилди.

Аммо шаҳар ва туманларда келажагимизнинг давомчилари бўлган ёшлар орасида жиноятчиликнинг юз бераётгани, ачинарлиси хотин-қизларнинг ҳам жиноятга қўл ураётганлиги, бу борадаги ишларда сусткашликга йўл қўйилаётганлиги танқид қилинди.

Ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, Миллий Гвардия, Прокуратура ҳамда Ички ишлар органлари ва бошқа вазирликлар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда жиноятчикни кескин камайтириш, “Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги лозим” деган ғоя асосида ҳамкорликда жойларда жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ва маданий тадбирлар ўтказиш ишлари муҳокама қилинди.

Бўлиб ўтган мажлисда иштирокчилар томонидан амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар буйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Бошқа янгиликлар RSS